Ҳамкасблари Салмон Хон ҳақида ўйлашиброқ гапиришади. Балки бунга актёрнинг феъли оғирроқлиги сабабчидир? "Болливуднинг кекса бўйдоғи” номига сазовор бўлган актёр ўзининг кўп сонли муҳаббат қиссалари билан ҳам машҳур. Жанжалкашлиги туфайли жуда кўп панд еганлигига қарамай, ўзининг феълидан норози эмас.Салмоннинг исми бугун Катрина Каиф билан ҳамоҳанг жаранглаяпти.
— Балки оила қуриш вақти келгандир? Ҳар ҳолда умр ўтиб боряпти...
— Бу саволингизни киноя ўрнида қабул қилайми ёки ғамхўрлик?!
— Иккинчиси маъқулроқ.
— Унда бу саволга жавоб бераман. Биласизми, кўп марта "Энди оила қураман”, деган қарорга келганман. Аммо қатъият етишмаган. Буни тан олмай иложим йўқ. Балки ўзим орзу қилган севгимни учратмаганим сабабли ҳамон ёлғиздирман... Лекин умрим давомида кўп маротаба "муҳаббат қиссаларини” ёзишга тўғри келди. Уларнинг хар бири юрагимда ўзгача из қолдирди. Очиғи, оилали одамларга ҳавасим келади.
— Укаларингиз Арбаз ва Сухайлнинг фарзандларини жуда яхши кўрар экансиз...
— Ҳа, улар менинг энг севимли "ўйинчоқларим-ку”! Тўғриси, Арбаз билан Сухайлнинг оилапарварлигига ҳавасим келади. Иккисининг ҳам ўғилчалари жуда ақлли. Улар келажакда сулоламизнинг муносиб давомчилари бўлади. Келинларим Малаика ҳам, Сема ҳам жуда гўзал ва оқила аёллардан. Айниқса, Арбазнинг рафиқаси Малаиканинг эътиборлилигига ҳавас қиламан.
— Айшвария интервьюларининг бирида "Cалмон мени унутолмайди”, дегани ростми?
— Бу хакда сиздан эшитаяпман… Ростдан ҳам унутишнинг имкони йўқ. Аммо бу ҳамон севаман, дегани эмас. Шунчаки, одамлар шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган таассуротларни унутишмайди. Биз ўз йўлимиздан кетганмиз. Оилали аёл ҳақида эса кўп гапириш яхши эмас...
— Барибир Абхишек билан муносабатларингизда совуқчилик бордек...
— Менимча, бу изохталаб холат эмас. Бизнинг оиламиз азалдан Баччанларга нисбатан чексиз ҳурматда бўлган. Эски ришталар узилишига сабабчи бўлишни истамайман. Абхишек яхши йигит. Уни актёр сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Ҳинд киносида Амитабх Баччанга тенг келадигани йўқ. Буни тан олмай иложим йўқ. Жая хоним эса... Хуллас оилавий муносабатларимиз сақланиб қолган.
— Асин билан муносабатларингизга Катрина бепарво қараётганига ишониш мумкинми?
— Катрина ақлли қиз. У майда гап – сўзларга вақт сарфламайди. Жуда бепарво деганингизга қўшилолмайман (кулиб). Асин билан партнёр сифатида ишладик. Битта фильмда ишлаган жуфтлик ҳақида ҳамиша гап – сўз бўлишига ўрганиб қолганман. Менимча, партнёрларимдан биргина Рани билан ортиқча ғийбатлар тарқалмаган бўлса керак. Яна билмадим, мен эшитмай қолган бўлмасам...
— Катринанинг ота – онаси сизнинг феълингиздан хавотир олишларига қандай қарайсиз?
— Тўғриси, агар қизим мендек йигитни севиб қолса, тиш – тирноғим билан қарши чиқаман. Катринанинг ота – онаси мен ҳақимдаги бўлар-бўлмас гапларни эшитмайди, деб айта олмайман. Энг ачинарлиси, бир куни матбуотда "Катрина Каифнинг ота – онаси Болливуд майдонларида Салмон Хонни қидириб юрибди”, деган мазмундаги мақоланинг чоп этилиши бўлди. Мен уларнинг олдида ҳижолат бўлдим. Тўғриси, Катрина билан келажак ҳақида кўп гаплашамиз. У фарзандларимга яхши она бўлишига ишонаман. Албатта уни бахтли қиламан.
— "Тис Мар Хон”да Акшай етакчи бўлишини "ҳазм" қилолмагандирсиз?
— Йўқ, нега доим шунақа ўйлайсизлар?! Биласизми, кино билан шахсий муносабатларни аралаштириш керак эмас. Режиссёр Акшайда етакчилик хусусиятини сезган бўлса, бу фожиа эмас. "Менга турмушга чиқасанми?”, "Жонгинам” картиналарида ҳам бирга ишлаган эдик. Акшай яхши партнёр. Болливудда бу қадар комедияга мойил актёрни топиш қийин.
— Қачонлардир "Салмон Хон” деса, омманинг ҳайқириғини эшитар эдик. Ўша ҳайқириқларни соғинаяпсизми?
— Олқишлар ҳали ҳам давом этаяпти... Давом этса-да, барибир соғинаман... "Сени севдим” фильмидан кейин деярли барча хинд қизлари менга ошиқ бўлишганди. Мен ҳамон шундай деб ҳисоблайман, балки мухлисларим ҳам шундай ўйлашар... Биласизми, ҳамма даврнинг ўз қаҳрамонлари булади. Мен тенги авлод Шаҳид Капурга ошиқ бўлмаслиги аниқ!
* * *
Салмон кинодаги мавқеини 23 ёшида, 1988 йили "Турмуш ўртоқ” картинасида иккинчи даражали роль билан бошлаган. Фильмдаги партнёри машҳур актриса Рекха бўлган. Афсуски, бу фильмда Салмонни "пайкаш” қийин. Болливуднинг машҳур режиссёри Сураж Баржатия Салмон учун омади эшигини очиб беради — "Сени севдим” фильмидаги бош ролга Салмонни танлайди. Салмон 1989 йилда актриса Бхагия Шре билан шу фильмда суратга тушади. Айнан шу фильм унинг юлдузли онларини бошлаб беради.
"Даракчи” маълумотномаси
Туғилган йили — 1965 йил 27 декабр.
Тўлиқ исми — Абдул Рашид Салим Салмон Хон. Оилада тўнғич ўғил.
Отаси — Болливуднинг машҳур сценарийчиси, продюсери Салим Хон.
Онаси — Салма Хон, рассом.
Укалари — Арбаз ва Сухайл Хон актёрлик, продюсерлик ишлари билан машғул.
Сингиллари — Алвира ва Арпита Хон кинога дахлдор эмас.
Ҳозирги кунда Салмоннинг фильмографиясида 100 дан ортиқ фильмлар бор.
БИЛАСИЗМИ?
Салмоннинг оиласида ҳамиша мўътадил "ҳаво” ҳукмронлик қилган. Отасининг иккинчи рафиқаси, машҳур актриса ва раққоса Хеленнинг фарзандлари йўқ. Аммо Салмон ва унинг ука-сингиллари Хеленни ўз онасидек эъзозлашган.
ЯНГИЛИКЛАР
"ЎТКИНЧИ ДУНЁ” РЕЖИСССЁРИДАН ЯНГИ ЛОЙИХА
Болливудда мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган режиссёрлардан бири Никхил Адвани янги лойиҳага қўл урди. Дастлаб режиссёр ёрдамчиси сифатида иш бошлаган Никхил 2003 йилдан профессионал режиссурада ўзини синаб кўради. Унинг мега-юлдузлар иштирокидаги биринчи фильми — "Ўткинчи дунё” (2003) дунё экранларидан муносиб ўрин эгаллаган. Ундан сўнг "Салом, эй ишқ”, "Чандини Чоукдан Хитойгача” каби фильмлари ҳам томошабинлар эътиборини қозонди. Айни пайтда бошлаётган лойиҳаси ҳам Болливуд оламида янгилик бўлиши кутилмоқда. Сабаби, унинг ҳали ном қўйилмаган, аммо режалаштирилган фильмига Ҳиндистоннинг энг машҳур актрисалари танлаб олинган. Мадхури Дикшит, Шабана Азми, Прити Зинта, Димпл Кападия, Каришма Капур, Рани Мукержи, Дипика Падукон ва Женелия Де Сузалар бир вақтда бош роль ижрочиси бўлишлари кутилмоқда. Ушбу шов – шувли фильмни суратга олиш ишлари 2012 йилда бошланади.
АМИР ХОН "ТЕЗЛИК 3”ДА
"Тезлик 3” фильми ҳақидаги шов – шувлар "Тезлик 2”нинг премьерасидан олдин тарқалган эди. Вақт ўтиб ўша гап – сўзлар ўз исботини топади, шекилли. Боиси, продюссер Адитья Чопра Амир Хон билан айнан "Тезлик 3” учун шартнома имзолади. Эслатиб ўтамиз, "Тезлик 1,2” фильмларида Жон Абрахам, Ритик Рошан салбий қаҳрамонларни ижро этишган эди. Энди навбат Амир Хонга келди. Фильмдаги полициячилар ролини Абхишек Баччан ва Удай Чопра ижро этишади. Фильм премьераси 2012 йил охирларига мўлжалланмоқда.